Марғилонда “Шарқ” жиноий гуруҳининг бошлиғи ва аъзолари қўлга олинди

Дата: 09:08, 18-10-2016.

Марғилон. 18 октябр. ЎзТАГ – Миллий хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари махсус операция доирасида “Шарқ” жиноий гуруҳининг бошлиғи 26 ёшли Мумтозбек Холматов ва унинг уч шеригини қўлга олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Жиноий гуруҳ аъзолари маҳаллий тадбиркорлардан пул ундириш, зўравонлик билан шуғулланиб, бўйсинмаган бизнесменларни жазолашган”, - дейилади куч тизимларининг хабарида.

Холматовдан ташқари жиноий гуруҳ таркибига 22 ёшли Аҳмадхон Саидхонов, 27 ёшли Жамолиддин Обидов ва Бобур Тошматовлар киришган.

Жиноятчилар 2015 йил ва 2016 йилнинг бошида таҳдид ва жисмоний куч воситасида Марғилондаги бизнеснинг бир қисмини ўз назоратларига олишган, маҳаллий тадбиркорлардан доимий пул ундириш тизимини ташкил қилишган. Шунингдек, улар тадбиркорлардан турли моларни тортиб олиб, уларнинг дўкон ва ресторанлари хизматидан текин фойдаланишган.

Тергов доирасида жиноий тўда аъзоларига нисбатан бешта жиноий иш очилди ва фақат 2015 йилнинг ўзида улар Марғилондаги тадбиркорлардан $14 мингдан зиёд пул ва “Каптива” автомашинасини олиб қўйишгани маълум бўлди.

Марғилон шаҳар суди жиноий иш якунлари бўйича М.Холматов ва А.Саидхоновларнинг ҳар бирини 13 йил, Ж.Обидовни 10 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилди. Б.Тошматов эса 1 йилга озодликдан маҳрум қилинди, бироқ Олий Мажлис Сенати томонидан амнистия қилинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: