Марказий банк гуруч нархининг нега бирданига 16,7% ошиб кетиш сабабларини тушунтирди

Дата: 16:35, 29-05-2018.

Тошкент. 29 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Марказий банк гуруч нархининг нега бирданига 16,7% ошиб кетиш сабабларини тушунтирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, гуручнинг нархи ошишига таъсир кўрсатган асосий омиллар сифатида республикада ўтган йилга нисбатан об-ҳавонинг қуруқ келиши ва суғориш учун сув захиралари етишмовчилиги вужудга келишининг кутилиши, гуруч етиштирувчилар томонидан ушбу маҳсулот жорий таклифини камайтириб, келгуси давр учун захира қилишини кўрсатмоқда. Бунда, гуруч импорти ҳажмларини ошириш ҳамда унинг ички бозордаги таклифини етарли даражада бўлишини таъминлаш ушбу маҳсулот нархини барқарорлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилиши мумкин”, - дейилади МБ сайтида чоп этилган “2018 йил май ойининг ўтган тўрт ҳафтасида асосий истеъмол товар ва хизматлар нархлари ўзгаришини кузатиш натижалари тўғрисида маълумот”да.

Республика истеъмол бозорларидаги нархлар ўзгаришини аниқлаш бўйича Марказий банк томонидан мунтазам равишда олиб борилаётган ўрганишлар натижалари май ойининг дастлабки тўрт ҳафтасида танланган товар ва хизматлар гуруҳи бўйича ўртача нархлар 0,6%га пасайганлигини кўрсатди. Бунда озиқ-овқат товарлари 1,1%га ва ноозиқ-овқат товарлари 0,9%га арзонлашган бўлса, хизматлар 1%га қимматлашди.

“Помидор, бодринг ва картошка янги ҳосилининг бозорларга кўп миқдорда кириб келиши, ушбу сабзавотлар нархларининг мос равишда 63,8, 30,2 ва 27,6%га арзонлашишига сабаб бўлди. Шунингдек, сариёғ нархи 2,4%га ва парранда гўшти нархи 1,3%га пасайди”, - дейилади хабарда.

МБ мутахассисларининг қайд этишича, шу билан бирга, мазкур даврда гўшт маҳсулотлари нархининг ўртача суръатда ўсиши давом этди. Жумладан, мол ва қўй гўшти нархлари мос равишда 5 ва 3,7%га ошди.

“Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари, хусусан маиший техника ва шахсий гигиена товарлари нархлари турлича ўзгарди. Ушбу товарлар гуруҳлари таркибида телевизорлар 8%га, чангютгичлар 4,4%га, совутгич ва электр чойнаклар 1,8%га, атир совун 3,5%га ва шампунь 1,9%га арзонлашди”, - деб таъкидланади хабарда.

Бундан ташқари, апрель ойидаги табиий газ тарифлари ошиши автотранспортда юк ва йўловчи ташиш хизматлари нархларига ўз таъсирини кўрсатди. “Шаҳар ичидаги автобусда йўл кира ҳақи, айрим ҳудудларда тўловларнинг сезиларли ошиши ҳисобига 13,7%га, автомобилда юк ташиш хизмати эса 1,6%га ошди. Шунингдек, тиббий хизматлар нархлари 2,4%га ошиши кузатилди”, - деб хулоса қилинади хабарга.

Сурат манбаи: http://www.fergananews.com/news/30195

Янгилик билан ўртоқлашиш: