Марказий банк раҳбариятида ўзгаришлар бўлиб ўтди

Дата: 15:03, 08-06-2017.

Тошкент. 8 июн. ЎзТАГ - Ўзбекистон Республикаси Марказий банк раҳбариятида ўзгаришлар бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Тимур Ишметов Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари этиб, Саидкамол Саидкаримович Ходжаев Марказий банк раиси ўринбосари лавозимига тайинланди”, - дейилади МБ матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, раис ўринбосарлари Шохрух Шорахимович Шоахмедов ва Шерзод Йўлдошевич Хожимуратов бошқа ишга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди.

“Тимур Ишметов 1979 йилда Тошкентда туғилган. 2000 йилда Тошкент молия институтиниг “Молия ва кредит” факультетини, 2005 йилда Бирмингем университетининг International Money and Banking йўналишида магистратура босқичини, 2007 йилда Тошкент юридик университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. Ўз меҳнат фаолиятини 2000 йилда Марказий банк иқтисодчиси лавозимидан бошлаган. 2017 йил апрелигача турли лавозимларда фаолият кўрсатди. Жумладан, турли вақтларда МБнинг Монетар операциялар департаменти, Халқаро резервларни бошқариш департаменти, Ички валюта бозоридаги операциялар ва Валюта бошқаруви ва назорати департаментига раҳбарлик қилган”, - дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: