Марказий банки валюта картасининг қўлланиш соҳасини белгилаб берди

Дата: 15:42, 08-09-2017.

Тошкент. 8 сентябр. ЎзТАГ – Марказий банки валюта картасининг қўлланиш соҳасини белгилаб берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Айни пайтда халқаро (конверсион) тўлов карталаридан фақат хорижий давлатлардагина фойдаланиш мумкин. Ҳеч қандай чекловларсиз банкоматлардан нақд пул ечиб олиш, дўкон ва меҳмонхоналарда, тўлов картаси қабул қилинадиган барча жойларда карта орқали тўлов қилиш мумкин. Тўлов карталари барча давлатларда ишлатилиши мумкин, давлатлар бўйича чеклов ёки нақд хорижий валютани ечиб олиш бўйича лимит ўрнатилмаган. Бироқ, назарда тутиш керакки, хорижий банклар ўз банкоматларидан нақд пулларни ечиб олишга маълум бир лимит ўрнатиш амалиётидан ҳам фойдаланишади. Кўпинча бу лимит битта операцияга нисбатан жорий қилинган бўлиб, операциялар сонининг ўзи чекланмаган бўлади”, - дейилади банк назоратчиси хабарида.

Шунингдек, хабарда таъкидланишича, картадаги валюта маблағларидан хорижда ўқиш ёки даволаниш учун талаб этиладиган ҳужжатлар (инвойслар) тақдим этилганида Ўзбекистондаги банкдан туриб тўғридан-тўғри тўловни амалга оширишда фойдаланиш мумкин.

Шу билан бирга, “республика ҳудудида хаоқаро (конверсион) тўлов картасидаги маблағлар фақат жорий айрибошлаш курси бўйича фақат миллий валютада ечиб олиниши мумкин”.

Айни пайтда, “фуқаролар томонидан хорижий валюта билан тўлдирилувчи халқаро тўлов карталари мамлакатимиз ҳудудида чекловларсиз қабул қилинади. Бундай карталардаги маблағлар банк ёки банкоматлардан (карта эгасининг ихтиёрига кўра) хоҳ миллий валютада, хоҳ хорижий валютада, нақд кўринишда ечиб олиниши мумкин”.

“Бундай карталардан чет элларда ҳам, Ўзбекистон ҳудудида ҳам дўконлар, меҳмонхоналар ва картани тўловга қабул қилувчи терминал мавжуд ҳар қандай жойда бирор чекловларсиз фойдаланиш мумкин”, - дейилади хабарда”.

Янгилик билан ўртоқлашиш: