Марказий Осиёдаги сўнгги зилзилалар одатдаги ҳол – эксперт

Дата: 15:48, 26-01-2016.

Тошкент. 26 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва қўшни мамлакатларда кейинги пайтларда содир бўлаётган зилзилалар бизнинг сейсмофаол ҳудудимиз учун одатдаги ҳол, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Фанлар академиясининг Сейсмология институти етакчи илмий ходими физика-математика фанлари номзоди Роман Иброҳимовнинг баёнотига асосланган ҳолда.

Унинг сўзларига кўра, планетар кўламда ва Марказий Осиё ҳудудида зилзилалар вақт жиҳатидан бир хил тақсимланмаган. Сейсмик жимлик сейсмик фаоликка алмашиб туради. Бундан олдинги “фаол” давр 90-йилларнинг ўрталарида якунланган, кейинги 15 йилда эса минтақада кучли зилзилалар деярли кузатилмади.

“Ҳозирда, тахминан 2011 йилдан бошлаб яна навбатдаги сейсмик фаолик бошланди. Бу даврдаги кучли зилзилалар орасида ўша йили Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида юз берган Кант зилзиласи, 2013 йилда Тошкент вилоятида бўлиб ўтган Туябўғиз зилзиласи, Самарқанд ва Жиззах орасида содир бўлган Маржонбулоқ зилзилаларни ажратиб кўрсатиш мумкин”, - деб таъкидлади у.

Афғонистон ҳудудидаги Ҳиндикуш ўчоғида ўтган йил охирида содир бўлган зилзилаларни ушбу жараённинг давоми дейиш мумкин. Ўчоқлар чуқурда бўлгани сабабли таъсир доираси катта бўлди. Кейин 2015 йил ноябрда Қирғизистон ҳудудида ҳам кучли зилзила сезилди ва у мамлакатимиз ҳудудига ҳам етиб келди.

“Яқинда бўлган силкинишларнинг ўчоқлари Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган эди. Ҳодиса магнитудаси катта бўлмасада, пойтахт аҳолиси уни ҳис қилди. Шу каби ва бундан кучлироқ зилзилалар тез-тез бўлиб туради. Бунинг учун 2008 ва 2010 йилларни эслаш кифоя”, - деб хулоса қилди Роман Ибрагимов.

Янгилик билан ўртоқлашиш: