Марказий сайлов комиссияси навбатдан ташқари Қозоғистон президенти сайловларига якун ясади ва инаугурация санасини белгилади

Дата: 12:41, 28-04-2015.

Тошкент. 28 апрел. ЎзТАГ – Қозоғистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси навбатдан ташқари Қозоғистон президенти сайловларига якун ясади ва инаугурация санасини белгилади, дея хабар беради Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ).

Ушбу маълумот МСКнинг бугунги йиғилишида эълон қилинди.

Унга кўра, амалдаги давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев навбатдан ташқари Қозоғистон президенти сайловларида сайловчиларнинг 97,75% овозларини олган.

“Овозлар республика бўйлаб қуйидагича тақсимланди: Кусаинов Абельғози Калиакпаровичга 57 718 сайловчи (умумий сайловчиларнинг 0,64%), Назарбоев Нурсултон Абишевичга 8 833 250 сайловчи ёки сайловчиларнинг 97,75%, Сиздиков Турғун Искаковичга 145 756 сайловчи (1,61%) овоз берган”, - деди ҚР МСК раиси Кувондиқ Турганқулов.

Бундан ташқари, ҚР МСК котиби Бахит Мелдешов Н.Назарбоевнинг инаугурацияси 2015 йил 29 апрелда бўлиб ўтишини ҳам маълум қилди.

Эслатиб ўтамизки, 2015 йилнинг 26 апрелида навбатдан ташқари Қозоғистон президенти сайловлари бўлиб ўтди.

Сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишга 9965 сайлов комиссиялари жалб этилди. Булар 9741 участка сайлов комиссияси, 171 туман, 37 шаҳар ва 16 вилоят сайлов комиссиялари, Астана ва Алмати ҳудудий сайлов комиссияларидир. Республика бўйича сайловчиларнинг 95,22% овоз беришга келди.

1 мингдан ошиқ халқаро ташкилотлар ва хорижий ОАВ вакиллари сайловларни бевосита кузатдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: