Мартда покистонлик зиёратчилар Наманган вилоятига ташриф буюрадилар

Дата: 13:42, 19-02-2019.

Тошкент. 19 феврал. ЎзТАГ – Мартда покистонлик зиёратчилар Наманган вилоятига ташриф буюрадилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 17-18 феврал кунлари Покистоннинг Ўзбекистондаги туризм бренди элчиси Қосим Алишах бошчилигидаги Покистон журналистлари ва сайёҳлик операторларининг делегацияси Наманган вилоятига ташриф буюрди.

Қайд этилишича, Покистон делегациясининг ташрифи давомида Наманган вилояти раҳбарияти, Чортоқ, Тўрақўрғон, Пахта, Наманган туманлари маъмуриятлари, “Афсона” кўнгилочар мажмуаси бошқаруви билан музокаралар ва Наманган туроператорлари иштирокида давра суҳбати ўтказди.

Покистонлик меҳмонлар, шунингдек, “Ахсикент” археологик мажмуаси, “Султон Увайс Кароний”, “Маҳдуми Аъзам” мақбаралари ва бошқа зиёрат туризми объектларига ташриф ташкил этилди.

“Учрашувлар ва музокаралар якунилари бўйича март ойида Покистоннинг Travel Advisers сайёҳлик компанияси томонидан Покистон зиёратчиларининг биринчи гуруҳининг Наманган вилоятига ташрифини ташкил этиш тўғрисида келишувларга эришилди” - дейилади хабарда.

Бундан ташқари Покистоннинг Dispatch News Desk ахборот агентлиги ва Наманган вилояти ҳокимиятининг Туризмни ривожлантириш департаменти ўртасида вилоят туризм маҳсулотини Покистондаги марказий оммавий ахборот воситаларида илгари суриш бўйича келишув имзоланди. Шунингдек, томонлар Qasim Alishah Foundation жамоат фонди томонидан Facebook, Instagram, Twitter ва бошқа оммабоп ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг туризм салоҳиятини илгари суриш ҳақида келишиб олдилар.

Сурат манбаи: qazaqtimes.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: