Мартда Ўзбекистонга ЖБнинг вице-президенти янги лойиҳаларни муҳокама қилиш мақсадида ташриф буюради
Тошкент. 7 феврал. ЎзТАГ – Мартда Ўзбекистонга Жаҳон банкининг (ЖБ) вице-президенти янги лойиҳаларни молиялаштиришни муҳокама қилиш мақсадида ташриф буюради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, 4 феврал куни Ўзбекистон делегацияси Вашингтонда (АҚШ) ЖБнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Сирил Мюллер билан учрашди.
Учрашув давомида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан биргаликда амалга оширилаётган Ўзбекистонда муносиб меҳнат қилиш бўйича Мамлакат дастури доирасида икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Шу нуқтаи назардан, Жаҳон банки раҳбари Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдернинг Ўзбекистонга қилган ташрифи натижаларини юксак баҳолади, ташриф якунлари мамлакатда меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эришилган ютуқлардан гувоҳлик берди.
Қайд этилишича, ЖБ раҳбари учта асосий йўналиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш имкониятини қайд этди. Биринчидан, Ўзбекистон, Жаҳон банки ва ХМТ ўртасидаги уч томонлама ҳамкорликни давом эттириш. Иккинчидан, иш билан таъминлашга кўмаклашиш ва қулай меҳнат шароитларини яратиш. Учинчи йўналиш – гендер тенглиги, инфратузилмани ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мамлакатнинг савдо ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишдир.
“Жаҳон банкининг вице-президенти жорий йилнинг март ойида банк молиялаштиришда иштирок этиши мумкин бўлган истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда”, - деб хулоса қилинади хабарга.
Сурат манбаи: https://www.24top.kz


