Мартда ЎзРТХБ битимлар ҳажми 39% ошди

Дата: 16:12, 08-04-2016.

Тошкент. 8 апрел. ЎзТАГ – 2016 йилнинг март ойида Ўзбек Республика товар хом-ашё биржасида (ЎзРТХБ) тузилган битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 39%га кўтарилиб, 1,0 трлн сўмдан ошди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Биржа платформасида 803,4 млрд сўмлик товарлар сотилиб, бу биржада тузилган битимларнинг умумий ҳажмидан 80%ни ташкил этади. Суюлтирилган газнинг савдоси икки маротабадан зиёдроққа ўсди ва унинг бозордаги улуши эса 6%дан 10%га кўтарилди. Шунингдек, чорва учун озуқа маҳсулотларининг савдоси ҳам икки маротабага кўтарилганлиги боис унинг улуши 8%дан 11%гача кўтарилди”, - деб таъкидлашди ЎзРТХБда.

Валюта савдо майдончасида катта ҳажмларда полиэтилен сотилиб, унинг улуши 92%га етди. Экспорт бозорининг қолган қисмини эса суюлтирилган газ – 5% ва рангли металлар – 3% билан эгаллашди.

Энг юқори кўрсаткич ярмарка савдо тизимида қайд этилиб, унинг ҳажми деярли 60%га, яъни 83,4 млрд сўмдан 133,3 млрд сўмгача кўтарилди. Ярмарка савдоларидаги умумий битимлар ҳажмига нисбатан кичик бизнеснинг улуши 80%ни ташкил этди.

Корпоратив харид тизимида ҳам ижобий динамика кўзга ташланиб, савдо ҳажми 31,1 млрд сўмдан 37,4 млрд сўмга ошди. Мазкур тизимда кичик бизнес субъектларининг жами тузилган битимларнинг сонига нисбатан 99% ва уларнинг ҳажмига нисбатан 98%ни ташкил этди. Аукцион савдоларда ҳар бир талабномага ўртача 16 тадан ортиқ таклифлар келиб тушди.

$1 = 2882,68 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: