Мартда ЎзРТХБ савдолари деярли 20% ўсди

Дата: 15:12, 11-04-2017.

Тошкент. 11 апрел. ЎзТАГ – Март ойида “ЎзРТХБ” АЖнинг электрон савдоларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2016 йилнинг мос даври билан солиштирганда 19,8%га ўсиб, 1,2 трлн сўмни ташкил этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Айни пайтда, кўрсаткичларнинг ўсиши биржанинг барча савдо платформаларида қайд этилди. Хусусан, биржа савдолари орқали сотилган товарларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг мартидаги 796,1 млрд сўмга нисбатан 938,4 млрд сўмгача ўсди. Сотилган товарлар таркибида рангли металларнинг улуши 6%дан 8%гача ошди, суюлтирилган газнинг ҳиссаси эса аксинча 9%дан 7%гача қисқарди. Бошқа товар гуруҳлари биржа бозорида ўтган йилга мос улушларини сақлаш қолишди.

Биржа бозорининг валюта савдо майдончасининг ҳажми $6,1 млнни ташкил этиб, унинг сотув таркиби сезиларли даражада ўзгарди. Экспорт сотувларининг катта қисмини 55% улуш билан полиэтилен эгаллади. Кейинги ўринларда рангли металлар ва суюлтирилган газ – 12%дан, полипропилен – 11%, минерал ўғитлар – 7% ва нефть маҳсулотлари – 3% билан эгаллашди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки билан тузилган битимларнинг умумий ҳажми 834,2 млрд сўмни ташкил этди (+14,2%). Тадбиркорлар биржа орқали 592,5 млрд сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 241,7 млрд сўмлик маҳсулот сотдилар.

Ярмарка савдоларининг ҳажми 169,3 млрд сўмгача (-26,9%) ўсди. Энг йирик битимлар қурилиш моллари, эҳтиёт қисмлар ва кимё маҳсулотлари бўйича тузилди.

Давлат харидлари (“D-xarid”) тизимида 43,3 млрд сўмлик (+29%) битимлар тузилди. Бюджет маблағларининг тежалиши эса ўтган йилнинг февралига нисбатан 8,7 млрд сўмдан 12,6 млрд сўмгача кўтарилди. Давлат харидлари тизимида маҳсулот етказиб бериш бўйича кичик бизнес субъектларининг улуши умумий битимларнинг сонидан 97% ва уларнинг қийматидан 98% ни ташкил этди. Таҳлил қилинаётган даврда электрон каталогда тузилган битимларнинг ҳажми 3,8 млрд сўмни (+21,5%) ташкил этди.

“E-xarid” корпоратив харидларнинг ҳажми 47,2 млрд сўмни (+26%) ташкил этди. Аукцион савдоларда ҳар бир талабномага ўртача 18 та таклифлар келиб тушди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: