МАШАВ раҳбари Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турибди
Тошкент. 27 май. ЎзТАГ – 25-26 майда Ўзбекистонга Исроил ТИВ ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик маркази (МАШАВ) раҳбари Гиль Хаскел ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ташриф давомида Ўзбекистон ТИВ, академик Воҳидов номидаги Республика ихтисослашган жарроҳлик маркази, Республика болаларни ижтимоий мослаштириш марказида учрашувлар бўлиб ўтди. Шунингдек, МАШАВнинг турли дастурлари битирувчилари билан учрашувлар ўтказилди.
“Музокара ва учрашувлар натижалари бўйича МАШАВнинг Ўзбекистондаги фаолиятини фаоллаштиришга, уни тиббий хизматга қаратишга қарор қилинди. Бу “Соғлом она ва соғлом бола йили” дастурининг мақсад ва вазифаларига мос келади”, - деб таъкидлашди Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонасида.
Эслатиб ўтамизки, МАШАВ Ўзбекистонда 1992 йилдан бери ишлаб келади. Ўтган йилларда у ўнлаб лойиҳаларни амалга оширди. Ўнлаб ўзбек мутахассислари тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий соҳа, таълим ва бошқа йўналишларида Исроилда малака оширдилар. Шунингдек, қатор узоқ муддатли лойиҳалар ҳам амалга оширилди.