Май ўртасида Тошкентда парламент юқори палатасининг пленар мажлиси бўлиб ўтади

Дата: 09:40, 21-04-2015.

Тошкент. 21 апрел. ЎзТАГ – Парламент юқори палатаси Кенгаши Сенатнинг иккинчи чақириқ ялпи пленар мажлисини 15 май куни Тошкентда чақириш ҳақида қарор қабул қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Сенат ялпи мажлисининг кун тартибига сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларини изчил ислоҳ қилишга ва либераллаштиришга қаратилган қатор қонунлари киритилмоқда. Улар орасида “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Электрон тижорат тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонунлар киритилган”, – деб таъкидлашди парламент юқори палатаси матбуот хизматида.

Юқоридагилар билан бир қаторда навбатдаги ялпи мажлисда сенаторлар Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги, Ҳисоб палатасининг фаолияти тўғрисидаги ҳисобот ҳақидаги, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақидаги масалаларни муҳокама қиладилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: