МДҲ Ижроия қўмитаси раиси “Дўстлик” ордени билан мукофотланди

Дата: 16:26, 09-04-2018.

Тошкент. 9 апрел. ЎзТАГ – МДҲ Ижроия қўмитаси Раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев Ўзбекистоннинг “Дўстлик” ордени билан мукофотланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълумотига кўра, орден Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 6-апрел куни Минск шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ иштирокчи-давлатлари Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси давомидаги топшириғига мувофиқ берилди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ҳамдўстлик давлатлари ташқи сиёсат идоралари делегациялари раҳбарлари ва аъзолари ҳозирлигида Сергей Лебедевга “Дўстлик” орденини топширди.

Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонини ўқиб берди ва Сергей Лебедевга кўп томонлама самарали алоқалар, МДҲ доирасида дўстона ва яқин қўшничиликка асосланган давлатлараро муносабатлар, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган кўп томонлама лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фаол иштироки, шунингдек, Ҳамдўстлик ҳудудида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдаги кўп йиллик шахсий ҳиссаси учун юқори давлат мукофотини топширди.

Ўз навбатида Сергей Лебедев МДҲ Ижроия қўмитаси Раиси – Ижрочи котиби лавозимидаги фаолиятига юқори баҳо бергани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ўзининг самимий ва чуқур миннатдорлигини етказишни сўради ва ўзи туғилиб ўсган мамлакати – Ўзбекистоннинг олий давлат мукофотларидан бирини олиш унинг учун алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

Сурат манбаи: http://wormwoody.ru/297133006.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: