МДҲ кузатувчилари миссияси Ўзбекистон парламенти қуйи палатасига сайловларга доир баёнотини эълон қилди

Дата: 11:45, 05-01-2015.

Тошкент. 5 январ. ЎзТАГ – МДҲ кузатувчилари миссияси Ўзбекистон парламенти қуйи палатасига сайловларга тайёргарлик ва унинг ўтказилиши устидан кузатув натижаларига доир баёнотини эълон қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“МДҲ узоқ муддатли кузатувчилари Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳри сайлов комиссияларининг сайловга тайёргарлик бўйича ишини ўргандилар. Кузатувчиларга комиссиялар фаолияти билан яқиндан танишиш ҳуқуқи берилди. Миссия МСК томонидан сайловлар мониторинги учун яратилган шароитларни ижобий баҳолайди”, – дейилади Миссия баёнотида.

Миссия фикрига кўра, депутатликка номзодлар кўрсатиш ва уларни рўйхатга олиш бўйича барча тадбирлар қонунчилик талабларига мос равишда, очиқлик билан амалга оширилган.

Миссия аъзолари участка сайлов комиссияларининг овозларни санаш жараёнини ҳам кузатганлар. Кузатувчиларнинг баҳоларига кўра, улар бўлган участкаларда овозларни ҳисоблаш жараёнини кузатиш учун реал имкониятлар яратилган.

Кузатувчиларнинг ҳисоботларида, Миссия фикрига кўра, сайлов натижаларига таъсир қилмайдиган баъзи бузилиш ва камчиликларни ҳам қайд этилган.

“2014 йил 21 декабрдаги Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловлар Конституция, амалдаги сайлов қонунчилиги ва халқаро демократик ҳуқуқий меъёрларга тўлиқ мос равишда ўтказилди. Сайловлар кўппартияли асосда рақобатбардош, шаффоф, очиқ ҳолда ўтказилди ва Ўзбекистон фуқароларининг иродасини ифодалади”, – деб таъкидланади баёнотда.

Миссия сайловларга таёргарлик ва уни ўтказиш бўйича мониторингни 2014 йил 8 декабрдан бошлаб амалга оширди. Миссия таркибида 76 кузатувчи фаолият юритди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: