МДҲ миссияси Ўзбекистондаги сайловлар кўппартияли асосда ўтди, деб ҳисоблайди
Тошкент. 23 декабр. ЎзТАГ – МДҲнинг кузатувчилар миссияси Ўзбекистонда 21 декабрда бўлиб ўтган сайловлар кўппартияли асосда ўтиб, рақобатли бўлди, шаффоф ва очиқ кечди ва мамлакат фуқроларининг эркин иродасини ифодалади, деб ҳисоблайди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу хулоса яқинда Тошкентда бўлиб ўтган брифингда миссия раҳбари, МДҲ Ижроя қўмитаси раиси Сергей Лебедев томонидан билдирилди. Шунингдек, парламент Қонунчилик палатасига сайловлар Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро демократик ҳуқуқий меъёрларга тўлиқ амал қилинган ҳолда ўтказилгани ҳам таъкидланди.
Лебедевнинг сўзларига кўра, сайловларнинг пухта ташкил этилишида республикадаги барча масъул ташкилотларнинг кўп ойлик тайёргарлиги сезилди.
МДҲдан келган кузатувчилар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида ҳамбўлдилар ва 707 сайлов участкасига ташриф буюрдилар.
С.Лебедев сайловларнинг муқобиллилигини ҳам таъкидлади. “Барча участкаларида бир депутатлик ўрнига камида 4 номзод кўрсатилди ва кишилар қарашлари яқин бўлган ва дастури афзал бўлган номзодни танладилар”, - деб таъкидлади у. Баъзи участкаларда қайта сайлов ўтказилиши ҳам сайлов жараёнининг демократиклигидан далолат беради.
Миссия бошлиғи кузатувчиларга ишлашлари учун максимал даражада шароитлар яратилганлиги ва зарур материаллар тақдим этилганлиги ҳақида ҳам айтиб ўтди. С.Лебедевнинг фикрига кўра, бошқа миссиялар ҳам сайловлар жараёнида жиддий бузилишларни қайд этишмади.