МДҲ ташқи ишлар вазирлари кенгашининг кейинги йиғилиши 10 октябрда Москвада бўлиб ўтади

Дата: 17:04, 07-04-2017.

Тошкент. 7 апрел. ЎзТАГ – 6-7 апрел кунлари Тошкент шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг (МДҲ ТИВК) навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати жума куни.

Берилган маълумотга кўра, йиғилиш россия томони раислигида ўтган.

“МДҲ иштирокчи давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан 15 та ҳужжатни кўриб чиқилди. Улардан 9 таси Ҳамдўстликнинг Давлат раҳбарлари кенгаши ва май ойида бўлиб ўтадиган Ҳукумат раҳбарлари кенгашига муҳокама учун киритилади”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, хужжатлар Ҳамдўстлик мамлакатларининг ташқи сиёсат, ҳуқуқий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлиги масалаларини қамраб олади.

Шунингдек, МДҲ ТИВ раҳбарлари христиан, мусулмон ва бошқа конфессияларни камситиш ва уларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлишга йўл қўймаслик тўғрисида баёнотни қабул қилдилар.

“Ҳужжатда диний мансублик ва эътиқодига асосланган ҳолда айрим шахсларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, куч ишлатиш ва террорчилик ҳаракатини амалга ошириш ҳолатлари давом этаётганлиги сабабли хавотир билдирилган. Христиан, мусулмон ва бошқа конфессия вакилларига нисбатан муросасизлик қилиш, уларни камситиш, куч ишлатиш ҳамда террорчилик ҳаракатларининг барча кўринишлари қатъий қораланади. Томонлар халқаро ҳамжамиятнинг мазкур ёъналишдаги позицияларини бирлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни янада олға суриш мақсадини билдиришди”, - дея қайд этилади хабарда.

ТИВ раҳбарлари квоталар тақсимоти, Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиб ўринбосарларини ва МДҲ бош қароргоҳидаги бошқа мансабдор шахсларни квота асосидаги амалларга тайинлаш ва алмаштириш тўғрисидаги МДҲ Ижроия қўмитасининг ахборотини тингладилар.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари кенгашида кўриб чиқиш учун киритиладиган МДҲ иштирокчи давлатларининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлиги Концепцияси ҳамда жиноий ишларнинг моддий далиллари бўлган наркотик ва психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларини, ўқотар қуроллар, уларнинг асосий қисмлари, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портловчи қурилмаларни топшириш тартиби тўғрисидаги баённома лойиҳалари маъқулланди.

Шу билан бирга, 2018 йилда “Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти” Давлатлараро дастурини амалга ошириш, МДҲ мамлакатларининг қуролли кучлари метролог мутахассисларини ҳамда молиявий тергов органлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича айрим таълим ва академик муассаларига асосий ташкилот мақомини бериш масалалари муҳокама қилинди.

Делегациялар раҳбарлари ташкилот фаолиятининг турли йўналишларидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, халқаро ва минтақавий масалалардаги унинг роли ва ўрнини кўтаришни муҳокама қилдилар. Тадбирда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда МДҲ иштирокчи-давлатларининг барқарор ривожланишини таъминлашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

“МДҲ Ташқи ишлар вазилари кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2017 йилнинг 10 октябр куни Москва шаҳрида бўлиб ўтади”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Йиғилишда Арманистон Ташқи ишлар вазири Эдвард Налбандян, Беларус Ташқи ишлар вазири Владимир Макей, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Кайрат Абдрахманов, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сироджидин Аслов, Ўзбекистин Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов, Молдова Ташқи ишлар ва Европа билан интеграция вазири ўринбосари Лилиан Дарий, Озарбайжон ташқи ишлар вазири ўринбосари Халаф Халафов, Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хаджиев ва МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этишди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: