МДҲ ташқи сиёсий муассасалари раҳбарлари Тошкентда Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишини таъминлашни муҳокама қилдилар

Дата: 14:10, 10-04-2017.

Тошкент. 10 апрел. ЎзТАГ – МДҲ ташқи сиёсий муассасалари раҳбарлари Тошкентда Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишини таъминлашни муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 6-7 апрелдаги йиғилишда жами 15 та ҳужжат кўриб чиқилди.

“Ушбу хужжатлар Ҳамдўстлик мамлакатларининг ташқи сиёсат, ҳуқуқий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлиги масалаларини қамраб олади. Улардан 9 таси Ҳамдўстликнинг Давлат раҳбарлари кенгаши ва май ойида бўлиб ўтадиган Ҳукумат раҳбарлари кенгашига муҳокама учун киритилади”, - дейилади хабарда.

Россия томони раислигида ўтган йиғилишда Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Тожикистон ва Ўзбекистон ТИВ раҳбарлари, Молдова, Озарбайжо, Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этди.

Томонлар минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда МДҲ иштирокчи-давлатларининг барқарор ривожланишини таъминлашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Кенгаш христиан, мусулмон ва бошқа конфессияларни камситиш ва уларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлишга йўл қўймаслик тўғрисида Баёнотни қабул қилдилар. Ҳужжатда диний мансублик ва эътиқодига асосланган ҳолда айрим шахсларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, куч ишлатиш ва террорчилик ҳаракатини амалга ошириш ҳолатлари давом этаётганлиги сабабли хавотир билдирилган. Христиан, мусулмон ва бошқа конфессия вакилларига нисбатан муросасизлик қилиш, уларни камситиш, куч ишлатиш ҳамда террорчилик ҳаракатларининг барча кўринишлари қатъий қораланган.   

Давлат раҳбарлари кенгашида кўриб чиқиш учун киритиладиган МДҲ иштирокчи давлатларининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлиги Концепцияси ҳамда жиноий ишларнинг моддий далиллари бўлган наркотик ва психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларини, ўқотар қуроллар, уларнинг асосий қисмлари, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портловчи қурилмаларни топшириш тартиби тўғрисидаги Баённома лойиҳалари маъқулланди.

2018 йилда “Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти” Давлатлараро дастурини амалга ошириш, МДҲ мамлакатларининг қуролли кучлари метролог мутахассисларини ҳамда молиявий тергов органлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича айрим таълим ва академик муассаларига асосий ташкилот мақомини бериш масалалари муҳокама қилинди.

МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2017 йилнинг 10 октябрь куни Москва шаҳрида бўлиб ўтади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: