Меҳнат вазирлиги Россияда қулликка тушган 14 нафар ўзбекистонликни қайтариш устида иш олиб бормоқда

Дата: 17:51, 01-08-2019.

Тошкент. 1 август. ЎзТАГ – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Россияда қулликка тушган 14 нафар ўзбекистонликларни қайтариш устида иш олиб бормоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Москва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ходимлари Москва вилояти Серпухов туманида ҳақиқатда қулликда бўлган 14 нафар фуқарони Ўзбекистонга қайтариш бўйича амалий ёрдам кўрсатмоқдалар", - дейилади Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон элчихонасининг Россиядаги консуллик бўлими Москва вилояти полицияси томонидан 18 нафар ўзбек фуқаросини қулликда ушлаб турилгани гумон қилинган шахслар қўлга олинганлиги ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

Қайд этилганидек, элчихона вазиятни назоратга олди ва консуллик-ҳуқуқий масалаларни ҳал қилиш, шу жумладан, жабрланган ўзбекистонликлар учун Ватанга қайтиш учун сертификатлар расмийлаштириш билан шуғулланади.

Эслатиб ўтамиз, илгари Россияда Тожикистоннинг икки фуқароси – 51 ёшли аёл ва унинг 29 ёшли ўғли ўзбекистонликларнинг қуллик меҳнатидан фойдаланишда гумон қилиниб қўлга олинган эди.

Тергов маълумотларига кўра, 2019 йил июнь ойида гумонланувчи Россияда ишлаш баҳонаси билан Ўзбекистондан одамларни Москва вилоятининг Серпухов туманига олиб келиб, 15 кунлик иш учун камида $250 миқдорида ҳақ тўлашга ваъда берди.

Гумонланувчи вақтинчалик рўйхатга олиш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун патент бериш баҳонасида жабрланганлардан барча ҳужжатларини олиб яширган. Шундай қилиб, эркаклар ишни бажаришдан воз кеча олмаганлар.

Серпухов туманидаги қишлоқ хўжалиги далаларида бир ой ишлаган Ўзбекистон фуқаролари ваъда қилинган пул маблағларини ола олмаганлар ва шахсларини тасдиқловчи ҳужжатларини йўқотганлар, дея хабар беради тергов бошқармаси.

Тўрт нафар фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат этишга муваффақ бўлди, шундан кейин гумонланувчилар ҳибсга олинди. Жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.

Сурат манбаи: fmskam.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: