Медведев Мирзиёевнинг Москвага ташрифига тайёрларган хужжатлар тўпламини беқиёс деб атади

Дата: 18:16, 05-04-2017.

Тошкент. 5 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президентининг ташрифи доирасида тайёрланган Россия-Ўзбекистон келишувлари тўплами ҳажм жиҳатидан беқиёсдир. Ушбу фикр РФ бош вазири Дмитрий Медведев томонидан Шавкат Мирзиёев билан бўлган учрашув чоғида билдирилди, деб хабар қилади ТАСС.

“Жуда кенг кўламдаги ҳужжатлар тўплами тайёрланган бўлиб, улар ҳар ҳолда сўнгги йиллардаги ўзаро муносабатларимизда ҳажми жиҳатдан беқиёс аҳамият касб этади ва ўзаро ҳамкорлигимизнинг иқтисодиёт, янги лойиҳалардан тортиб, гуманитар, миграция ва меҳнат масалаларигача бўлган барча соҳаларини қамраб олади. Ишончим комилки, Сизнинг ташрифингиз муваффақиятли ўтади ва мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларнинг янги саҳифаси очилиши учун дебоча бўлади. Токи мамлакатларимиз ўртасида дўстона муносбатларнинг янги бир саҳифаси очилсин”, - деди Медведев.

У Мирзиёевнинг Россияга Ўзбекистон Президенти сифатидаги дастлабки ташрифини амалга ошираётганини таъкидлаб, республика Москва учун стратегик ҳамкор эканлигига алоҳида урғу берди. “Бу биз билан турли соҳалардаги кўп сонли, инсоний, иқтисодий ва бошқа муносабатлар орқали боғланиб турадиган яқин мамлакатдир”, - деди Медведев.

Ўз навбатида, Ўзбекистон президенти Россия бош вазирини Ўзбекистонга таклиф қилди ва икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ривожи истиқболлари кенглигига ишонч билдирди.

“Олдинроқ Москвада Ўзбекистон бош вазирини қабул қилганингиз учун катта миннатдорчилик билдираман. Бу кўп жиҳатдан бугунги натижаларга эришишимизда катта аҳамият касб этди. Мен ҳамкасбингиз билан тез-тез учрашиб туришингизни истар эдим, сизни Ўзбекистонга таклиф қиламан, ҳамкасбингиз Абдулла Арипов сизни кутмоқда, чунки у Москвадан жуда илҳомланган ҳолда қайтиб келди”, - деди Мирзиеев.

У Россия ва Ўзбекистон ўртасида жуда кўплаб умумий жиҳатлар мавжудлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Мирзиёев бугунги ташрифга тайёрлаб қўйилган хужжатлар тўплами салмоқли экани ва ташрифга аҳамият бағишлашини таъкидлади.

Олдин хабар берилгани каби, президент Мирзиёевнинг ташрифи доирасида имзоланиши учун сиёсий, савдо-иқтисодий, миграция соҳаларига, шунингдек, минтақавий ҳамкорлик, сайёҳлик ва соғлиқни сақлаш соҳаларига оид умумий қиймати $16 млрдни ташкил этадиган 55 та ҳужжат тайёрланган. Қиймати $4 млрд бўлган бир қатор ҳужжатлар 3 апрелда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида имзоланди.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари учрашув чоғида Санкт-Петербург метросида юз берган теракт муносабати билан ҳамдардлик билдириб, терроризмга қарши кураш йўлида бирлашишга чақирди.

“Мен Санкт-Петербург метросида юз берган теракт оқибатида қурбон бўлганларнинг қариндошлари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдираман. Санкт-Петербургда юз берган воқеа теракт, терроризм чегара, миллат ва дин танламайди. Бу бизнинг умумий ташвишимиз ва мазкур масалада биргаликда ҳаракат қилишимиз кераклигини англатади”, - деди Мирзиёев.

Эслатиб ўтамизки, Санкт-Петербург метросида бўлган портлаш 3 апрелда “Технология институти” ва “Сенная майдони” метро станциялари ўртасида содир бўлди. РФ Тергов қўмитаси ҳодисани теракт деб топди. Портлаш натижасида 14 киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар яраланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: