“Мен ғалабага қўшган ҳиссалари учун йигитлардан миннатдорман” – Миржалол Қосимов

Дата: 22:02, 19-01-2015.

Тошкент. 19 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон миллий термасининг бош тренери йигитлардан 2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқичи учинчи турида Саудия Арабистони устидан қозонилган ғалабадан кейин шогирдларига миннатдорчилик билдирди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Футбол федерацияси сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

Қосимовнинг сўзларига кўра, “бу ўйин жуда оғир ва курашларга бой ўйин бўлди. Саудия Арабистонида истеъдоли футболчилар оз эмас. Уларнинг техникаси кучли ва тезкор. Шундай бўлса ҳам, футболчилар бор кучлари билан ҳаракат қилишди ва ғалаба учун астойдил тер тўкишди. Мен ғалабага қўшган ҳиссалари учун йигитлардан миннатдорман. Биз ғалаба қилишни жуда истаган эдик ва бунга эришдик. Агар кейин ҳам шундай ўйнайдиган бўлсак, катта муваффақиятларга эришишимиз мумкин”.

“Шунингдек, бизни стадионда ва телевизор экранларида қўллаб-қуватлаб турган ишқибозлардан ҳам минатдорман. Мен уларни ғалаба билан қувонтирганимиздан хурсандман”, - деб қўшимча қилди у.

Ўзбекистон термаси бош тренери 22 январда Жанубий Корея билан бўладиган чоракфинал ўйини ҳақида гапира туриб “умид қиламанки, биз ушбу ўйинда ғалаба қозона оламиз. Жаҳон чемпионати саралашида Жанубий Кореядан учралган мағлубиятни ҳали унутганимиз йўқ. Осиё Кубоги яримфиналига чиқиш учун барча нарсани қиламиз, деб ваъда бераман” деди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: