Microsoft корпорацияси тошкент ОТМга ўз маҳсулотларидан бепул фойдаланиш имкониятини берди

Дата: 17:22, 24-11-2017.

Тошкент. 24 ноябр. ЎзТАГ – Microsoft корпорацияси Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаларига ўзининг лицензияли дастурий таъминот ҳамда ишланмаларидан бепул фойдаланиш имкониятини берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Университет маълумотига кўра, компания вакиллари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) маъмуриятига “Microsoft Imagine”нинг 1000 дона ваучерларини учинчи бора топширди. 

Ушбу ташаббус доирасида IUT талабаларига “Windows” операцион тизимидан, “Microsoft Azure”, “Visual Studio”, “SQL Server”, “Xamarin” ва бошқа дастурий таъминотлардан бепул фойдаланиш имкониятини олдилар.

Шунингдек, “Microsoft Imagine” дастури амалий машғулотларга ҳам йўл очадики, унинг ёрдамида талабалар ўзларининг малакаларини ошириб олишлари мумкин.

Эслатиб ўтамизки, “Microsoft Imagine” (аввалги номи DreamSpark) — Microsoft корпорациясининг дастури бўлиб, унинг доирасида талабаларга ва аспирантларга дастурий таъминотларни яратишда фойдаланадиган воситаларни бепул тақдим этади.

Дастлабки даврда дастур олий ўқув юрти талабаларига мўлжалланган эди, лекин ҳозирда ундан юқори синф ўқувчилари ҳамда ўқитувчилар ҳам фойдаланмоқдалар. Мазкур дастур дунёнинг 120 ортиқ мамлакатларида мавжуд.

Microsoft корпорацияси – дунёдаги етакчи дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи ширкат ҳисобланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: