Миллий кутубхонада Китоб музейи экспозицияси янгиланди

Дата: 18:55, 11-08-2017.

Тошкент. 11 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Китоб музейи экспозицияси янгиланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ерда “Ўрта асрларда Марказий Осиёга келган олим-сайёҳларнинг китоблари” мавзусидаги кўргазма намойиш этилмоқда, деб хабар беради Миллий кутубхона.

Экспозициянинг мақсади – кутубхона фойдаланувчиларини, ташриф буюрувчиларни ва меҳмонларни Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар фондида сақланаётган таниқли ва номаълум сайёҳлар ҳақидаги адабиётлар билан таништиришдан иборат.

Музейда Марказий Осиёга турли мақсадлар билан ташриф буюрган олим-сайёҳлар Зичи Евгений (Венгрия), Ш. Эжен де Уйфальви (Венгрия), Ф.-А.-Геллер фон Гельвальд (Австрия), Макс Альбрехт (Германия), Генрих Мозер (Швейцария), Гийом Капус (Люксембург), Оле Oлуфсен (Дания), П.Г. Эдуард Бонвало (Франция), Александр Бёрнс (Буюк Британия), Панайотис Потагос (Греция), Евгений Шулер (АҚШ) ва бошқаларнинг адабиётлари музей кўргазмасига қўйилган.

Шунингдек, кўргазмалар орасида машҳур, таниқли олим-сайёҳлар: Руи Гонсалес де Клавихо (Испания), Герман/Арминий Вамбери (Венгрия), Свен Гедин (Швеция), Марко Поло (Италия), Аурел Стейн (Буюк Британия), Алексей Павлович Федченко (Россия), Николай Михайлович Пржевальский (Россия) ва бошқаларнинг асарларига алоҳида ўрин ажратилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: