Миллий кутубхонада Мустақиллик байрами кунига бағишланган кўргазма бўлиб ўтмоқда

Дата: 15:05, 19-08-2015.

Тошкент. 19 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мамлакат мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган китоблар кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Тадбир 3 сентябрга қадар давом этади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Кутубхонадан хабар қилишларича, кўргазма экспозицияси “Ўзбекистон: кеча ва бугун”, “Ўзбекистон дунё нигоҳида”, “Юксак марраларга интил, тенгдошим!”, “Мустақиллик – бу ҳуқуқ демакдир” ва “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди!” рукнларига бўлинган.

Шу жумладан, кўргазмада Ўзбекистон президентининг бозор иқтисодиёти шароитида суверен жамият, озод ва мустақил ҳаётга йўналтирилган демократик давлат қуриш масалаларига бағишланган асарлари ўрин олган.

“Ўзбекистон дунё нигоҳида” деб номланган экспозицияда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан сиёсий, молиявий ва маданий ҳамкорлиги ҳақида ҳикоя қилувчи республикамизда ва хорижда нашр қилинган ўзбек, рус, инглиз, француз, немис, корейс тилларидаги сара китоблар тақдим этилган.

Кўргазманинг “Юксак марраларга интил, тенгдошим!” деб номланган бўлимида намойиш этилган китоблар илм эгаллаш баробарида ватан равнақига ўз хиссасини қўшишни мақсад деб билган Ўзбекистоннинг иқтидорли ва салоҳиятли ёш авлоди вакиллари ҳақида ҳикоя қилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: