“Миллий тикланиш” партияси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 64,5% болалар мутлақо соғлом

Дата: 17:36, 25-12-2015.

Тошкент. 25 декабр. ЎзТАГ – “Миллий тикланиш” партияси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 64,5% болалар мутлақо соғлом. Бунга болалар спортини ривожлантиришга доимий эътибор орқали эришилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан Белбоғли кураш федерацияси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда келтирилди.

Партия матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда 2014 йилда 2003 йилга нисбатан мутлақо соғлом болалар улуши 12,3% ошиб, 64,5% ташкил этди, ўтиб кетадиган турдаги касалликка чалинган болалар улуши 8% ва сурункали касалликка чалинувчи болалар улуши эса – 4,3% камайгани таъкидланди.

Бундан ташқари, 2014 йилда 2003 йилга нисбатан спорт билан шуғулланувчи 14 ёшдаги ўғил болаларнинг бўйи ўртача 3,2 сантиметрга, вазни ўртача – 4,0 килограммга ошган, қиз болаларнинг бўйи ўртача 3,1 сантиметрга, вазни ўртача – 4,1 килограммга ошган.

2002 йилда Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилиши ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш ва оммалаштиришда яна бир муҳим туртки бўлгани таъкидланди. Унинг кўмагида 2003-2014 йилларда 1,7 минг болалар спорт объектлари барпо этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: