Миржалол Қосимов Иорданияга қарши майдонга тушадиган футболчилар таркибини эълон қилди

Дата: 13:03, 03-09-2014.

Тошкент. 3 сентябр. ЎзТАГ – Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мураббийи Миржалол Қосимов Иордания терма жамоасига қарши учрашувда иштирок этадиган футболчилар номини эълон қилди, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Иордания ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги учрашув 4 сентябр куни “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтади. Миржалол Қосимов мазкур учрашувга 22 нафар футболчини таклиф этган эди, аммо сўнгги паллада “Нефтчи” клуби аъзоси Павел Смоляченко жароҳат олиб сафдан чиқди”, - деб таъкидлашди мамлакат Футбол федерацияси матбуот хизматида.

“Афсуски, тиббий текширувлардан сўнг Смоляченконинг Иорданияга қарши баҳсда ўйнай олмаслиги маълум бўлди. Қолган футболчилар эса, машғулотларни давом эттирадилар. Айнан мазкур учрашув Инчхонда бўлиб ўтадиган Осиё Ўйинлари олдидан биз учун тайёргарлик вазифасини ўтайди”, - деб қайд этди Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи.

Эслатиб ўтамиз, мусобақа регламентига кўра Осиё Ўйинларида 23 ёшгача бўлган футболчилар иштирок этадилар. Шу билан бирга терма жамоалар ўз сафига ёши 23 ёшдан катта бўлган 3 нафар футболчини таклиф қилиш имконига эга бўладилар. 2014 йилги Осиё Ўйинларининг футбол турнири 14 сентябр куни старт олади ва 3 октябргача давом этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: