Миржалол Қосимов ОАВ вакиллари билан учрашади

Дата: 14:45, 29-12-2014.

Тошкент. 29 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари (ОАВ) вакиллари билан учрашади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Футбол федерациясидан (ЎФФ) хабар қилишларича, Қосимов журналистларнинг саволларига 30 декабр куни тошкент вақти билан соат 12:30 жавоб беради. Матбуот анжумани ЎФФ мажлислар залида ўтказилади.

Миржалол Қосимов иштирокидаги ушбу матбуот анжумани БААда бўлиб ўтган йиғин ҳамда 2015 йилги Осиё Кубогига тайёргарлик жараёни ва терма жамоанинг мазкур баҳслардаги иштироки ҳақида бўлади.

Эслатиб ўтамизки, қитъа Кубоги баҳслари 2015 йилнинг 9-31 январ кунлари Австралиянинг Сидней, Ньюкасл, Брисбен, Канберра, Мельбурн шаҳарларида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса мусобақанинг “B” гуруҳида Саудия Арабистони, Хитой ва КХДР терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради. Миржалол Қосимов жамоаси турнирдаги илк ўйинини 10 январ куни КХДР терма жамоасига қарши ўтказади. Кейинги ўйинларда жамоа 14 январда Брисбенда Хитой, 18 январда Мельбурнда Саудия Арабистони билан ўйнайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: