Миржалол Қосимов Одил Аҳмедов олган жароҳат унинг Осиё Кубогида ўйнашига ҳалақит бермаслигига умид билдирди
Тошкент. 27 ноябр. ЎзТАГ – Футбол бўйича Ўзбекистон термасининг бош мураббийси Миржалол Қосимов журналистларга жамоа етакчиси Одил Аҳмедовнинг жароҳати билан боғлиқ вазият ҳақида гапириб берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Аҳмедов билан ўши куннинг ўзидаёқ телефон орқали боғландик. Унинг кайфияти ёмон эмас эди. Ўйиннинг эртаси куни тиббий текширувдан ўтди ва рентген натижаларига кўра унинг мушакларида зўриқиш борлиги аниқланган. Бу унчалик жиддий жароҳат эмас ва унинг тикланиши учун деярли икки ҳафта вақт кифоя қилиши мумкин. Шунда бўлса ҳам у чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиши лозим ва шундан кейингина унинг жароҳатига аниқ ташҳис қўйилиши мумкин. Одилнинг ўзи жарохат олган пайтида оёғида қаттиқ оғриқ ҳис қилганини айтган, бу эса жарохатнинг бироз жиддийлигини билдиради. Умид қиламизки, қайта текширувдан ўтгач бу жарохат унчалик жиддий бўлиб чиқмайди”, – деб таъкидлади Ўзбекистон термасининг бош мураббийси Миржалол Қосимов.
Қосимовнинг сўзларига кўра, ҳар қандай ҳолатда бундан жароҳатларни даволаш учун камида уч ҳафта вақт кетади. “Албатта, биз яхши ният қиламиз. Одил - жуда меҳнаткаш футболчи ва жуда иродали йигит. Жарохатидан тузалишда бу жуда катта аҳамиятга эга. Асосийси, ишлашдан ва меҳнат қилишдан тўхтамаслик керак”, – деб таъкидлади у.
Одил Аҳмедовнинг Осиё Кубоги-2015 баҳсларига борадиган таркибга киритилиши борасидаги саволларга эса Қосимов қуйидагича жавоб берди: “Албатта, бунга жуда умид қиламиз. Ўйлайманки, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди”.
Эслатиб ўтамизки, 2015 йилнинг 9-31 январида Австралияда футбол бўйича XVI-Осиё Кубоги бўлиб ўтади. Ўзбекистон термаси бу ерда “B” гуруҳига тушган бўлиб, Саудия Арабистони, Хитой ва КХДР термалари билан ўйнайди.