Миржалол Қосимов яна “Бунёдкор” ФКнинг бош тренери этиб тайинланди

Дата: 15:39, 05-05-2017.

Тошкент. 5 май. ЎзТАГ – Тошкентнинг “Бунёдкор” футбол клуби бош директори Муроджон Алиев жамоага янги бош тренерни таништирди, деб хабар қилади клуб матбуот хизмати.

“Жамоанинг бош мураббийлигига Миржалол Қосимов тайинланди. Тренерлик штабида у билан бирга Александр Волков ва Шуҳрат Мақсудов фаолият олиб боради”, - дейилади хабарда.

Янги лавозимда М.Қосимов ўз аризасига кўра ишдан бўшаган Сергей Лущаннинг ўрнига келди.

“Жамоанинг Осиё Чемпионлар лигаси ва мамлакат чемпионати биринчи қисмидаги натижалари қониқарсиз деб топилди. Бош мураббий Сергей Лушан ўз хоҳишига кўра лавозимини тарк этиши ҳақида ариза ёзди. “Бунёдкор” унинг раҳбарлиги остида 122та учрашув ўтказиб, уларнинг 63тасида ғалаба қозонди, 27тасида дуранг ўйнаб, 32тасида мағлуб бўлди. Кўп эҳтимоли билан Сергей Иванович “Бунёдкор” футбол мактабида ишлайди. Муҳиддин Ортиқов ҳам жамоадан кетди”, - деб хабар қилишди клубда.

Эслатиб ўтамизки, М.Қосимов олдин ҳам “Бунёдкор” клубида бош тренер бўлган ва “қалдирғочлар”ни 191 учрашувда мураббий сифатида бошқариб, бу бўйича рекордчи ҳисобланади. Унинг раҳбарлиги “Бунёдкор” жамоа уч марта мамлакат чемпиони бўлди ва Ўзбекистон кубогини қўлга киритди, икки марта Осиё Чемпионлар лигаси ярим финалига чиқди.

Миржалол Қосимов миллий футболдаги энг яхши ўйинчилардан бири ҳисобланади. У ўсмирлар ўртасида жаҳон ва Европа чемпиони бўлган. Ўзбекистон ва Россия чемпионатларида олтин медалларни қўлга киритган.

Бундан олдинроқ “Бунёдкор” футбол клуби клуб раҳбариятида ўзгаришлар бўлгани ҳақида хабар қилган эди. “Ўзтрансгаз” компанияси бошқаруви раиси Улуғбек Ашуров клуб президенти, унинг ўринбосари Муроджон Алиев клуб бош директори қилиб тайинланган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: