Мирзиеев Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари билан музокаралар ўтказди

Дата: 14:04, 24-08-2017.

Тошкент. 24 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 август куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси Ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари Игорь Шуваловни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, И.Шуваловни Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг Россия томонидан раиси этиб тайинлангани билан самимий табриклади.

“Ўзбекистон Президентининг шу йил 4-5 апрел кунлари Россия Федерациясига давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни тўла амалга ошириш, шунингдек, иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги дастур ва лойиҳаларини ҳаётга самарали татбиқ этишда Комиссия муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди”, - дея қайд этилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Ўзаро савдо ҳажми барқарор ўсиб бормоқда – шу йилнинг етти ойи давомида товар айирбошлаш ҳажми 14%га ўсиб, $2,6 млрддан ошди. Бунда экспорт ва импортнинг барча асосий йўналишлари бўйича ўсиш кузатилмоқда. Июл ойидан Россия бозорига мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришда “яшил коридор” тизими тўлақонли фаолият кўрсата бошлади.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва юқори технологияли соҳаларда янги истиқболли дастурларни тайёрлашни жадаллаштириш масалалари батафсил муҳокама қилинди.

Меҳмон давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик билдирди ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва ҳукумат раиси Дмитрий Медведевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ҳукумат раисининг биринчи ўринбосари Россия Федерацияси Ўзбекистон Республикаси билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳидаги кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканини таъкидлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: