Мирзиеев тенгдошлари йўлдан адашган ёшларга ёрдам бериши зарурлигини айтиб ўтди
Тошкент. 16 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиеев турли сабабларга кўра йўлдан адашганларни соғлом ҳаётга қайтаришда тенгдошлари уларга ёрдам бериши зарур деб ҳисоблайди. Бу ҳақида у Хоразм вилоятида ёшлар билан бўлган учрашувида айтиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Давлат раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев14-15 октябрда вилоятга ташриф доирасида Урганч шаҳридаги Ёшлар марказида бўлди.
Урганч шаҳридаги Амир Темур номидаги истироҳат боғи ҳудудида ташкил этилган марказда ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун барча шароит яратилган. Чеварлли, рассомлик, шахматчи, адабиёт, сартарошлик каби ўндан ортиқ тўгарак фаолияти йўлга қўйилган.
Давлат раҳбарининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонида вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ёшлар марказларини қуриш кўзда тутилган. Шунингдек, 11 йиллик мажбурий ўрта таълим тизимининг жорий этилиши муносабати билан бўшайдиган коллежлар биноларини Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тегишли кенгашлари ихтиёрига беғараз ўтказиш, уларнинг негизида барча қулайликларга, жумладан, кутубхона ва китоб дўконига эга бўлган Ёшлар марказлари ва замонавий ёшлар кинотеатрларини, шунингдек, ёшларни, айниқса, уларнинг уюшмаган қисмини касб-ҳунарга тўловсиз ўқитиш марказларини ташкил этиш кўзда тутилган.