Мирзиёев 1 июлга қадар янги Солик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишни топширди

Дата: 15:38, 14-02-2018.

Тошкент. 14 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 июлга қадар янги Солик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишни топширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Президентининг “Солиқ қонунчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиш билан кўзда тутилган бўлиб, ҳужжат 13 февралда имзоланди.

Янги ҳужжатни ишлаб чиқиш билан бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси лойиҳасини тайёрлаш бўйича Республика комиссияси ва солиқ қонучилиги ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш бўйича ишчи комиссиялари шуғулланади.

Таъкидланишича, янги ҳужжатни ишлаб чиқишда умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар талаблари, шунингдек, бозор иқтисодиёти тамойилларига жавоб берадиган нормалар яратилиши, солиқ назоратининг хорижда кенг қўлланилаётган илғор ва синалган шакл ва усулларини жорий этишни ҳисобга олган, жумладан, халқаро эксперт ва маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда солиқ маъмуриятчилиги механизмларини қайта кўриб чиқиш, республика стратегик манфаатлари ҳамда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бугунги босқичини ҳисобга олган ҳолда, солиқ соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий нормаларни миллий солиқ қонунчилигига имплементация қилиш, шунингдек, самарали давлат солиқ сиёсатини амалга ошириш кабиларга алоҳида эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, янги кодекс тўғридан-тўғри амал қилувчи нормаларни кўпайтирган ҳолда, солиқ қонунчилигини унификация қилиш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳамда солиқ тўловчилар ҳуқуқларининг ҳимоясини изчил таъминлашни кўзда тутади.

Шунингдек, янги ҳужжат билан хўжалик юритувчи субъектларнинг умумий солиқ юкини пасайтириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш соҳасида солиқларнинг рағбатлантирувчи ролини кучайтириш, ресурслардан оқилона ва тежамли фойдаланишни таъминлаш, самарасиз солиқ ва йиғимларни бекор қилиш, кичик ва йирик бизнес субъектларининг солиқ юкини максимал даражада баробарлаштиришга хизмат қиладиган усулларни жорий этиш ва хориж мамлакатларининг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда амалдаги солиққа тортиш тизимини танқидий ўрганиш асосида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқиш механизмини соддалаштириш режалаштирилмоқда.

Республика комиссиясига жаҳоннинг илғор тажрибасини ва солиқ органлари фаолиятини танқидий ўрганиш натижалари асосида 2018 йил 1 апрель кунига қадар Ўзбекистон Республикаси солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш концепция лойиҳасини ишлаб чиқиш, 1 июлга қадар эса Солиқ кодекси янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқишни таъминлаш топширилди.

Сурат манбаи: https://www.uzdaily.com/articles-id-42101.htm

Янгилик билан ўртоқлашиш: