Мирзиёев $1 млрд капиталга эга Ўзбекистон тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасини ташкил қилди

Дата: 09:48, 18-01-2019.

Тошкент. 18 январ. ЎзТАГ – Президент Шавкат Мирзиёев $1 млрд капиталга эга Ўзбекистон тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасини ташкил қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг эълон қилинган капитали $1 млрд миқдорида бўлган Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин”, - дейилади президентнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонида.

Ҳужжатга мувофиқ, унинг асосий вазифалари этиб республика иқтисодиётининг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришга, шунингдек, унинг рақобатбардошлигини янада оширишга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва инновацион технологияларни жалб этиш, хусусий маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан узоқ муддатли ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини йўлга қўйиш орқали инвестиция фаолиятини рағбатлантириш ва ривожлантириш, инвестиция таклифларини баҳолаш, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, инвестиция муҳитини яхшилашга, шунингдек, республикамизнинг инвестиция салоҳияти ва имкониятларини хорижда кенг тарғиб қилишга кўмаклашиш кабилар белгиланди.

Шунингдек, фармонда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган $5 млн миқдоридаги устав капиталига эга, акциядорлик жамияти шаклидаги, давлат улуши 100% бўлган Ўзбекистон Республикаси тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасининг бошқарув компаниясини ташкил этиш ҳамм кўзда тутилган. Жамғарма ва бошқарув компанияси фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Жамғарманинг ягона таъсисчиси ҳисобланади ҳамда унинг капиталини Жамғарма билан биргаликда лойиҳаларга инвестиция киритиш тўғрисида инвесторлар томонидан қарор қабул қилинишига қараб шакллантиради.

Ҳужжат билан бир лойиҳа бўйича Жамғарма инвестицияларининг энг кўп миқдори ушбу лойиҳага киритилиши режалаштирилаётган инвестициялар умумий ҳажмининг 30%дан ошмаслиги лозимлиги, қолган қисми инвесторларнинг ўз маблағи ва жалб қилинган маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган.

Сурат манбаи: https://www.brainerddispatch.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: