Мирзиёев 9-10 сентябрда ИҲТ саммити ва EXPO-2017нинг ёпилиш маросимида қатнашиш учун Қозоғистонга ташриф буюради

Дата: 08:53, 08-09-2017.

Тошкент. 8 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9-10 сентябрда ИҲТ саммити ва EXPO-2017нинг ёпилиш маросимида қатнашиш учун Қозоғистонга ташриф буюради, деб хабар қилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 2017 йил 9-10 сентябрь кунлари Қозоғистонга ташриф буюради ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида иштирок этади”, - дейилади хабарда. 

Шунингдек, давлат раҳбари ташриф доирасида Остона шаҳрида “EXPO-2017” халқаро ихтисослашган кўргазмасининг расмий ёпилиш маросимида иштирок этиши ҳамда хорижий делегациялар раҳбарлари билан икки томонлама қатор учрашувлар ўтказиши режалаштирилган. 

Олдин хабар қилингани каби, ИҲТнинг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити 10-11 сентябрда Остонада бўлиб ўтади. Уни ўтказиш ғояси ҚР президенти Нурсултон Назарбоев томонидан ташкилотнинг Истамбулдаги 2016 йилги саммитида ўртага ташланган эди. Форум ИҲТнинг фан, технологиялар, инновациялар ва модернизация соҳаларидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган. 

1969 йилда ташкил этилган ИҲТ ўзида 1,5 млрд аҳолиси бўлган 57 давлатни бирлаштиради. 5 мамлакат ва 5 халқаро ташкилот ИҲТда кузатувчи мақомига эга.

Эслатиб ўтамизки, шу кунларда Остонада EXPO-2017 ихтисослашган кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Тадбир 10 июнда очилган бўлиб, 10 сентябргача давом этади.

EXPO-2017даги Ўзбекистон павильони 1,4 минг квадрат метр атрофида жойни эгаллаган. Биринчи қаватда кўргазманинг асосий мавзуси – “Келажак энергияси” очиб берилган. Иккинчи қаватда эса республиканинг енгил саноат, самолётсозлик соҳаларидаги ютуқлари намойиш этилган. Шунингдек, меҳмонлар ўзбек миллий ошхонаснинг таомларидан татиб кўришлари мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: