Мирзиёев аҳоли учун кўмир нархларининг ортиқча кўтарилишига йўл қўймаслик бўйича топшириқлар берди

Дата: 12:33, 06-09-2019.

Тошкент. 6 сентябрь. ЎзТАГ – 5 сентябрь куни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёргарлик кўриш бўйича йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев аҳоли учун кўмир нархларининг ортиқча ўсишини олдини олиш бўйича топшириқ берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда ёқилғи-энергетика комплекси корхоналари фаолияти таҳлил қилиниб, кейинги чора-тадбирлар белгиланди.

"Куз-қиш даврида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини қондириш зарурлиги таъкидланди, бунинг учун табиий газ қазиб олишни кўпайтириш дастурини самарали амалга ошириш зарур. Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлигига истеъмолчиларнинг эҳтиёжларини қондириш учун мавжуд имкониятлардан максимал даражада фойдаланиш топширилди", – дейилади хабарда.

Шунингдек, "Ўзтрансгаз", "Ҳудудгазтаъминот" акциядорлик жамиятларига 2019 йилнинг 1 ноябригача 93 километр газ тармоғи ва 172 газ тақсимлаш пунктларини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш, ер ости омборларида газ захирасини шакллантириш вазифаси қўйилди. "Муборак нефтгаз" ва "Газлинефтегазқазибчиқариш" корхоналарида янги компрессор станцияларини ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.

Куз-қиш мавсумида аҳолига 245 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш мўлжалланмоқда. Йиғилишда давлатимиз раҳбари аҳолининг ҳар бир ҳудуд кесимидаги эҳтиёжларини чуқур ўрганиш ва зарур ҳолларда қўшимча суюлтирилган газ етказиб бериш зарурлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Муборак газни қайта ишлаш заводида, "Газлинефтегазқазибчиқариш" ва "Шўртаннефтгаз"корхоналарида пропан-бутан аралашмасини олиш учун янги заводларни ишга тушириш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Келгуси мавсумда электр энергиясига бўлган эҳтиёж 2018 йилга нисбатан 11,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Шу муносабат билан Энергетика вазирлигига октябрь ойида иссиқлик электр станцияларида 7 та энергия блоклари, 7 та қозон агрегати, 1 та газ турбинаси ва 1 та буғ-газ қурилмаси (ГБҚ) капитал таъмирланишини таъминлаш топширилди.

Шунингдек, жорий йилнинг охиригача Навоий ИЭСда қуввати 450 МВтга тенг бўлган иккинчи буғ-газ қурилмасини фойдаланишга топшириш, биринчи ГБҚсини лойиҳавий қувватига етказиш ҳамда Тўрақўрғон ИЭСда иккинчи бундай ускунани ишга тушириш зарурлиги қайд этилди. Шу йилнинг декабригача 3,5 минг километр электр тармоқлари ва 1171 трансформатор пунктини реконструкция қилиш ва модернизация қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

"Энергетика ва молия вазирликлари, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга аҳолининг куз-қиш ойларида кўмирга бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш топширилди. Аҳоли учун кўмир нархларининг ортиқча ўсишига йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди, шунинг учун ташишга доир имтиёзлардан фойдаланиш керак", - дея таъкидланади хабарда.

Бундан ташқари, ичимлик суви таъминоти ва иссиқлик таъминоти тармоқларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ҳолати муҳокама қилинди, бу соҳада йўл қўйилаётган камчиликлар учун Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва жойлардаги ҳокимликлар фаолияти жиддий танқид қилинди. Уларга қисқа муддатда иссиқлик ва сув таъминоти тизимлари, кўп хонадонли уйларни таъмирлаш ишларини жадаллаштириш ва якунлаш топширилди.

 

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: