Мирзиёев аҳоли юқоритехнологик тиббий ёрдам олиш учун вилоятлардан Тошкентга келишга мажбур бўлаётганига эътибор қаратди

Дата: 14:12, 19-10-2017.

Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – Аҳоли юқоритехнологик тиббий ёрдам олиш учун вилоятлардан Тошкентга келишга мажбур бўлмоқда, деди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган йиғилишда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг ҳудудларда етарли даражада эмаслиги олдимизда турган долзарб муаммолардан бири. Тан олиш керак, ҳудудлардан юқори технологик тиббий ёрдам олиш учун Тошкент шаҳрига келиш аҳоли томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда, деди давлатимиз раҳбари”, - дейилади Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида вилоятларда ишлаш ташаббуси билан чиққан етакчи мутахассислардан 134 номзод танлаб олингани қайд этилди. “Улар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларига, жумладан, болалар шифохоналари, эндокринология, кардиология, силга қарши, тери-таносил диспансерлари, онкология маркази филиаллари, юқумли касалликлар шифохоналарига ишлаш учун юборилди”, - дейилади хабарда.

“Аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб масалалардан бири – бу тез тиббий ёрдам хизмати билан боғлиқ, деди Президентимиз. Бу борада ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Транспорт воситалари ҳали етарли эмас, дори-дармон таъминотида узилишлар мавжуд. 2016 йилда 806 тез тиббий ёрдам станцияси ва кичик станцияси фаолият кўрсатган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 2 минг 100 дан ошди. Табиийки, бу ҳар бир чақириқнинг ўз вақтида келишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда”, - дея таъкидланади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: