Мирзиёев ҳар бир туманда камида бешта қишлоқ хўжалиги кооперативини ташкил этиш бўйича топшириқлар берди

Дата: 10:41, 05-07-2019.

Тошкент. 5 июль. ЎзТАГ – 4 июль куни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини ошириш масалалари бўйича йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳар бир туманда камида бешта қишлоқ хўжалиги кооперативини ташкил этиш бўйича топшириқ берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Давлатимиз раҳбари озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш ва экспорт ҳажмини ошириш учун, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилиш жараёнларини қамраб олувчи замонавий агрологистика марказлари сонини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади", – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 31 агрологистика маркази ва 1,5 мингта совуткич омборлари фаолият юритмоқда. Бундай омборларнинг ҳажми фақат етиштириладиган мева ва сабзавотларнинг умумий ҳажмининг 4,5 фоизини сақлаш имконини беради.

"Ш.Мирзиёев озиқ-овқат маҳсулотлари учун барқарор нархларни таъминлаш ва бозорни узлуксиз тўлдириш учун кенг кўламли инфратузилмани яратиш зарурлигини таъкидлади", - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, 2025 йилгача совуткичлар сонини 4,5 мингга, агрологистика марказларини 140 тага ошириш вазифаси қўйилди. Осиё тараққиёт банкининг имтиёзли кредитларидан фойдаланган ҳолда Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида бундай марказларни ташкил этиш, Жиззах, Сурхондарё, Фарғона вилоятларида ҳам бу борада тегишли ишларни бошлаш топширилди.

Йиғилишда маҳсулот етиштирувчилар ва қайта ишлаш корхоналари ўртасида кооперация алоқалари мавжуд эмаслиги қайд этилди.

"Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги олдида ҳар бир туманда камида бешта қишлоқ хўжалиги кооперативини ташкил этиш ва уларга молиявий ёрдам кўрсатиш вазифаси қўйилди", – дея қайд этилади хабарда.

Бундан ташқари, мамлакатимизда жаҳон савдо ташкилоти талабларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотларини синаш бўйича 775 та халқаро стандартдан 100 таси, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган 100 дан ортиқ лабораториялардан 10 таси халқаро аккредитацияга эга эканлиги танқид қилинди.

"Шу муносабат билан "Ўзстандарт" агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тегишли инспецияларга озиқ-овқат сифати бўйича жорий этилган стандартлар сонини 500 нафарга етказиш ва текширишларнинг тўлиқ спектрини амалга ошириш имконига эга лабораторияларни ташкил этиш топширилди", - дейилади хабарда.

Шунингдек, агросаноат соҳасини жадал ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган мегалойиҳалар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: