Мирзиёев Ашхободда Туркманистон ва Молдова президентлари билан учрашди
Тошкент. 11 октябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ашхободда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Молдова президенти Игор Додон билаy учрашди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, 10 октябрь куни президент Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Давлат раҳбарлари кенгашининг (ДРК) навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Ашхободга келди. МДҲ саммитининг асосий тадбирлари 11 октябрь куни бўлиб ўтади.
Таъкидланганидек, МДҲ саммитида Ҳамдўстлик доирасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган комплекс масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, томонларни қизиқтирган халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган. Ҳужжатлар тўплами қабул қилинади.
Туркманистон президенти билан учрашувда олий даражадаги келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Молдова президенти билан учрашувда узоқ муддатли ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш ва икки мамлакат ўртасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Ўзаро алмашувларни фаоллаштириш, шунингдек, турли соҳаларда истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Сурат манбаи: president.uz