Мирзиёев Ашраф Ғанига Қобул ва Гур вилоятидаги терактлар муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Дата: 17:01, 23-10-2017.

Тошкент. 23 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанига Қобул ва Гур вилоятидаги терактлар муносабати билан ҳамдардлик билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Афғонистоннинг пойтахти Қобул шаҳрида ва Ғур вилоятида рўй берган бир неча қабиҳ террорчилик хуружлар натижасида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар бизни чуқур қайғуга солди. Ушбу мусибатли дамларда, Сиз Жаноби Олийларига ҳамда марҳумларнинг яқинларига самимий таъзия ва ҳамдардлик изҳор этамиз. Оллоҳ субҳонаҳу ва таолодан уларга сабр-тоқат ва бардамлик, жароҳатланганларга эса шифо ато этишини сўраб қоламиз”, - деб таъкидланади душанба куни давлат раҳбарининг матбуот хизмати эълон қилган хабарда.

Эслатиб ўтамизки, 20 октябрда Афғонистон пойтахтидаги Имом Замон масжиди террористлар ҳужуми остида қолди. Ҳудкуш кишилар тўпланган ибодатхонага кириб, ўзини портлатиб юборди. Бир ой олдин ҳам шу масжид ҳужумга учраган, ўшанда 28 киши вафот этган эди.

Иккинчи портлаш Гур вилоятидаги шиялар масжидида содир этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, бу ерда 10 киши қурбон бўлган. Улар орасида халқ мудофааси кучлари раҳбари Фазул Аҳад Хон ҳам бор. ИИВ бу ерда ҳам ҳудкуш ишлаганини тасдиқлади.

Ҳар икки ҳолда ҳам ҳодиса учун жавобгарликни “Ислом давлати” террористик ташкилоти бўйнига олди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: