Мирзиёев Бакуда Туркий кенгаш саммитида иштирок этади

Тошкент. 14 октябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бакуда (Озарбайжон) Туркий кенгаш саммитида иштирок этади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Президент 14-15 октябрь кунлари Бакуда бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммитида иштирок этади", - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Таъкидланганидек, Венгрия, шунингдек, Туркманистон кузатувчи мамлакат сифатида иштирок этаётган Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон делегациялари раҳбарлари Турк кенгаши доирасида кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган масалаларни муҳокама қиладилар.
"Саммитда туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистоннинг ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қўшилиши тўғрисидаги қўшма баёноти қабул қилинади. Учрашув якунида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммити декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда", – дейилади хабарда.
Шунингдек, президент Бакуга ташрифи доирасида йиғилишда иштирок этаётган делегациялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Бундан ташқари, 14 октябрь куни Бакуда бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг еттинчи мажлисида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация иштирок этади.
"Учрашув доирасида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги VII саммитида имзоланиши режалаштирилган ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қиладилар", - дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.
Сурат манбаи: president.uz