Мирзиёев Бердимуҳамедовнинг Туркманистон мустақиллигининг 25 йиллиги билан табриклади

Дата: 15:04, 27-10-2016.

Тошкент. 27 октябр. ЎзТАГ – Кеча, 26 октябр куни Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

“Ш. Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни Туркманистон мустақиллигининг 25 йиллик шонли санаси муносабати билан чин қалбдан самимий табриклаб, унга давлат раҳбари сифатидаги масъулиятли фаолиятига янги муваффақиятлар, дўст туркман халқига фаровонлик ва бардавом тараққиёт тилади”, - дейилади ташқи сиёсий муассаса хабарида.

Ўз навбатида, Туркманистон президенти илиқ табриклар учун самимий миннатдорлик билдириб, биродар Ўзбекистон халқига тинчлик, осойишталик ва гуллаб-яшнашни тилаб қолди.

“Халқларимизни кўп асрлик самимий дўстлик ва қардошлик, яқин қўшничилик ришталари, муштарак анъана, урф-одат ва маданий қадриятлар боғлаб туради. Бу узоқ муддатли, кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш учун мустаҳкам ва барқарор асос бўлиб хизмат қилмоқда”, - деб таъкидланади хабарда. 

Шунингдек, мулоқот давомида Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари яқинда турли даражада ўтказилган икки томонлама учрашувлар доирасида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари бўйича эришилган келишувлар ижроси қандай бораётгани хусусида фикр алмашгани ҳам маълум қилинмоқда.

“Давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Туркманистон дўст халқларимиз фаровонлиги, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида кенг кўламли ўзаро ҳамкорликни ҳамда долзарб халқаро масалалар юзасидан амалий, ишончли ва очиқ мулоқотни изчил давом эттиришга тайёрлигини билдирдилар”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: