Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига ташриф доирасидаги келишув ва битимларни амалга ошириш бўйича асосий вазифаларни белгилаб берди

Дата: 10:43, 02-04-2019.

Тошкент. 2 апрель. ЎзТАГ - Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига қилган ташрифи доирасида қабул қилинган келишувлар ва битимларни амалга ошириш бўйича асосий вазифаларни белгилаб берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

1 апрель куни Ш.Мирзиёев БААга расмий ташрифи доираси эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни амалга оширишни таклиф этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

"Ш.Мирзиёев эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва сўзсиз ижросини таъминлаш зарурлигини қайд этиб, самарали усул ва механизмларни жорий этган ҳолда қабул қилинган "йўл харита”сини амалга оширишни дарҳол бошлаш муҳимлигини таъкидлади”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

БААнинг етакчи компания ва ташкилотлари билан биргаликда амалга ошириладиган устувор қўшма лойиҳалар сифатида "Навоий" қуруқлик порти ва эркин иқтисодий зонасини ривожлантириш, мамлакатда углеводородлар қазиб олишни кўпайтириш ва уларни чуқур қайта ишлаш, Толимаржон ва бошқа мавжуд иссиқлик электр станцияларини модернизация қилиш ва кенгайтириш, шамол ва қуёш электр станцияларини, Сирдарё вилоятида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш заводларини барпо этиш ва бошқалар белгиланди.

Бундан ташқари, агросаноат кластерларини ташкил этиш ва мамлакат қишлоқ хўжалигининг экспорт салоҳиятини ошириш, Самарқанд шаҳрида , туризм ва коммунал инфратузилмани, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорлик ташаббусларини, жумладан, Абу-Даби тараққиёт фонди иштирокида таъсис этилаётган низом жамғармаси 1 миллиард доллар бўлган инвестиция компанияси маблағларини жалб этган ҳолда қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, "Масдар" компанияси ва Ал-Халифа университети билан кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида БААда ўз ваколатхонасини очади.

Вазирлик ва идоралар тармоқ компаниялари раҳбарларига энг қисқа муддатда инвестиция лойиҳаларини жадвалини тасдиқлаш ва лойиҳаларни амалга оширишни бошлаш, олий даражада эришилган Ўзбекистон-БАА келишувларининг сўзсиз ижросини таъминлаш бўйича самарали механизмларини жорий этиш вазифаси қўйилганлиги таъкидланади.

Эслатиб ўтамиз Ўзбекистон ва БАА учрашувлари якунида Қўшма баёнот ҳамда қатор муҳим келишувлар, жумладан, умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган истиқболли инвестиция лойиҳалари ва дастурларини амалга ошириш бўйича битим имзоланди. Ушбу келишувлар инновация, нефть ва газ тармоғи, анъанавий ва муқобил энергетика, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим каби ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини қамраб олган.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: