Мирзиёев болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади
Тошкент. 11 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу хужжат қонунчилик палатаси томонидан 15 августда қабул қилиниб, Сенат томонидан 24 августда маъқулланди. Қонун расман эълон қилинганидан кейин олти ой ўтиб кучга киради.
“Ўзбекистонда мамлакат ҳудудида тарқатилаётган барча турдаги маълумотлар учун мажбурий ёш тоифалари жорий этилмоқда. У беш ёш тоифалари бўйича белгиланади: етти ёшга тўлмаган болаларга мўлжалланган маълумотлар (0+), етти ёшга тўлган болаларга мўлжалланган маълумотлар (7+), ўн икки ёшга тўлган болаларга мўлжалланган маълумотлар (12+), ўн олти ёшга тўлган болаларга мўлжалланган маълумотлар (16+) ва болалар учун таъқиқланган маълумотлар (18+)”, - дейилади хужжат матнида.
Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини амалга оширишда унинг мавзуси, жанри, мазмуни ва бадиий безаги, муайян ёш тоифасидаги болалар томонидан ундаги ахборотнинг қабул қилиниш ўзига хосликлари ҳамда ундаги ахборотнинг болалар соғлиғига зарар етказиш эҳтимоли баҳоланади, дейилади хужжат матнида.
Қонун зарарли ахборотлар мавжуд бўлган маълумотларни таълим, болалар тиббий, санатор-курорт ва физкультура-спорт муассасаларида, болалар маданият ва истироҳат боғларида тарқатишни таъқиқлади. Бундай маълумот бўлган босма маҳсулотлар жамоат жойларида фақат ёпиқ муқовада тарқатилиши зарур.
Болалар учун зарарли ахборотлар сирасига алкоголли ва тамаки маҳсулотлари, гиёҳванд ва психотроп моддалар, қимор ўйинлари тарғиботи, зўравонлик ва шафқатсизлик, оммавий тартибсизликларда иштирок этиш, фоҳишалик, дарбадарлик, тиланчилик тарғиботи кабилар кирди.
Бундан ташқари, бу ахборотлар тоифасига оилавий қадриятларни инкор этувчи, ахлоқсизликни тарғиб киладиган, шунингдек, ота-онасига ва оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан ҳурматсиз муносабатни шакллантирувчи, ғайриқонуний хулқ-атворни оқлайдиган ва ҳуқуқбузарлик содир этишга олиб келадиган, инсон соғлигига зарар келтирувчи ҳаракатларга ундовчи, уятли сўзларни ўз ичига олган, порнографик хусусиятга эга бўлган ахборотлар ҳам киритилди.