Мирзиёев Бухоро вилояти Когон туманидаги ҳарбий қисмга ташриф буюрди
Тошкент. 19 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Когон туманидаги ҳарбий қисмни бориб кўрди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
“Мамлакатимизнинг янги Мудофаа доктринасига мувофиқ тизимдаги бирлашма ва тузилмаларнинг вазифалари такомиллаштирилди. Қўшинларнинг қурол-аслаҳа ва алоқа воситалари таъминланиши янги босқичга кўтарилди. Ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигига талаблар оширилди”, - дейилади хабарда.
Ҳарбий қисмда мудофаа тизимидаги ислоҳотларнинг бориши, Бухоро ҳарбий маъмурий сектори фаолияти ҳақида ахборот берилди.
Халқ билан армия, мудофаа бошқармалари билан ҳокимлик бир бўлиши керак, деди Шавкат Мирзиёев. Ҳарбийлар ёшлар билан тез-тез учрашиб туриши, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳисса қўшиши зарур.
“Президентимиз ҳарбийларнинг хизмат ва яшаш шароитлари билан танишди. Аскар ва офицерлар билан суҳбатлашди”, - дейилади хабарда.
Сурат манбаи: http://www.uza.uz/ru/politics/shavkat-mirziyeev-armiya-nadezhnyy-shchit-nashego-naroda-17-02-2018