Мирзиёев Бутунжаҳон туристик ташкилоти бош котиби билан музокаралар ўтказди

Дата: 14:19, 28-08-2017.

Тошкент. 28 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби Талеб Рифаини қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, БМТнинг туризм соҳасидаги ихтисослашган институти билан ҳамкорлик жадал ва самарали кечаётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

“Учрашувда туризм соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.  Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси бўйлаб саёҳатларни оммалаштириш бўйича ўзаро мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўриш, туризмнинг янги турларини ривожлантириш ва харидоргир туризм маҳсулотлари ишлаб чиқиш, халқаро андозаларга жавоб берадиган замонавий инфратузилма яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.

Талеб Рифаи Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистонда туризм соҳасини иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди.

Бош котиб Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга доир дастур ва лойиҳаларни фаол қўллаб-қувватлаш ва уларда иштирок этишга тайёр эканини таъкидлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: