Мирзиёев давлат хизматлари марказларини “сарсончилик, адолатсизлик, коррупция”дан қутилиш омили деб ҳисоблайди

Дата: 10:49, 04-05-2018.

Тошкент. 4 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат хизматлари марказларини “сарсончилик, адолатсизлик, коррупция”дан қутилиш омили деб ҳисоблайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида у Наманган вилоятида ташрифи доирасида Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази фаолияти билан танишуви чоғида айтиб ўтди.

“Наманган шаҳар давлат хизматлари марказида кунига 800 дан ортиқ шахсга 60 га яқин хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Бу ерда Халқ қабулхонаси, нотариус, ФҲДЁ, паспорт бўлимлари, суғурта, кадастр, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, тез тиббий ёрдам хизматлари, банк шохобчаси жойлашган”, - дейилади Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабарида.

Келувчилар учун тиббиёт хонаси, болалар майдончаси, ошхона ташкил этилган.

“Президент марказдаги шароитлар билан танишди. Аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатиладиган хизматлар турлари, сифати ва тезкорлиги билан қизиқди. Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш жараёнини кўздан кечирди. Ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш жараёнини бевосита кузатди”, - дейилади хабарда.

Муассаса ходимлари билан мулоқотда хизмат турларини янада кўпайтириш, аҳолининг интернет хизматларидан фойдаланиш даражасини ошириш зарурлиги таъкидланди.

“Бу тизимдан энг катта мақсад - одамларнинг оғирини енгил қилиш. Ҳамма ҳудудларни ва хизматларни шу тизимга қамраб олсак, сарсончилик, адолатсизлик, коррупция бўлмайди”, - деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ушбу марказ биносида жойлашган “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими ҳамда Наманган инновация маркази фаолияти билан ҳам танишди.

Эслатиб ўтамизки, Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги, шаҳар ва туманларда унинг марказлари Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ташкил этилган.

Олдинги “Ягона дарча” марказлари фақат тадбиркорларга хизмат кўрсатган бўлса, давлат хизматлари марказлари аҳолига ҳам турли енгилликлар тақдим этмоқда.

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz/ru/2018/05/03/services/

Янгилик билан ўртоқлашиш: