Мирзиёев давлат корхоналарининг улушини хусусий секторга беришни тезлаштиришни буюрди

Дата: 10:54, 12-12-2019.

Тошкент. 12 декабрь. ЎзТАГ – 11 декабрь куни давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш самарадорлиги ва бу борадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат корхоналарининг улушини хусусий секторга беришни тезлаштиришни буюрди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда мамлакатда давлат улуши бўлган 2819 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг аксарияти эскирган усуллар асосида ишлайди, бу самарасиз бўлиб, натижада улар дивидендларни тўлашга ҳам қодир эмас", – дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Президент бу вазиятни кескин танқид қилди.

"Биз ҳеч қандай эҳтиёж йўқ бўлган соҳаларда ҳам давлатнинг мавжудлигини сақлаймиз. Давлат корхоналарининг бошқариши ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, функцияларини хусусий секторга топширишда сезиларли ўзгаришлар бўлмади", - деди Ш.Мирзиёев.

Йиғилишда 2020 йилга мўлжалланган давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш соҳасидаги янги вазифалар белгилаб олинди.

"Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари бошчилигидаги ислоҳ қилиш ёки тугатиш, давлат иштирокини сақлаб қолиш ёки хусусий секторга топшириш масалалари бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Жумладан, молия вазирининг ўринбосарларини бириктириб, ахборот технологиялари соҳасида 140 та корхона, коммунал соҳа, қурилиш ва хизмат кўрсатиш бўйича 1573 та ҳудудий корхона, геология, металлургия ва молия соҳасидаги 137 та корхона, енгил саноат, машинасозлик ва электротехника бўйича 49 та корхона, ижтимоий соҳа, туризм ва фармацевтика, кимё, нефт-газ саноати ва энергетиканинг 42 та корхонаси, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасида 330 та, саноат зоналарида 99 та корхона фаолияти кўриб чиқилади", - дейилади хабарда.

Ишчи гуруҳларга бир ой муддатда ҳар бир корхонани тўлиқ инвентаризация қилиш, уларнинг рентабеллигини, жорий имкониятларини ва истиқболларини таҳлил қилиш, шунингдек, 2020 йил учун аниқ режалар ва таклифларни ишлаб чиқиш топширилди.

Кўпгина компаниялар молиявий ҳисобот, ички назорат ва аудит, бошқарувга мустақил аъзоларни жалб қилиш масалаларида "оқсаши"ни қайд этди. Мутасаддиларга ушбу компанияларда корпоратив бошқарувни жорий этишни жадаллаштириш, шунингдек, 32 йирик асосий тармоқ корхоналарини ислоҳ қилиш топширилди.

"Ҳар бир корхонада асосий ишлаш кўрсаткичлари натижалари – KPI (Key Performance Indicators) ишлаб чиқилиши ва бажарилиши кераклиги қайд этилди. Шунингдек, давлат улушидан дивидендларни ҳисоблаш тизимини такомиллаштириш ва уларни бюджетга ўтказишни назорат қилиш вазифалари белгилаб олинди", - дейилади хабарда.

Шунингдек, Транспорт вазирлигида лойиҳа офисини ташкил этиш ва хусусий секторни транспорт соҳаси корхоналарига жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Хусусийлаштириш ёндашувларини тубдан янгилаш, бу соҳада бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган тизимга ўтиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарув соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш, давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарларини ўқитиш муҳимлиги қайд этилди.

 

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: