Мирзиёев экспортчилар муаммолари билан тизимли иш олиб борилмагани учун мансабдор шахсларни танқид қилди
Тошкент. 13 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев экспортчилар муаммолари билан тизимли иш олиб борилмагани учун мансабдор шахсларни танқид қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Президентимиз раислигида 12 август куни тармоқлар ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва ундан самарали фойдаланиш, инвестицияларни, энг аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди", - дейилади давлатимиз раҳбари матбуот хизмати хабарида.
Таъкидланганидек, президентнинг 2018 йил 20 декабрдаги "Экспортга кўмаклашиш ва рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ экспортни қўллаб-қувватлаш Миллий тизими яратилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Экспортни рағбатлантириш агентлиги ташкил этилди. 205 номдаги товарларни экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50% ни қоплаб бериш механизми жорий этилди.
"Бундай реал, амалий чора-тадбирлар албатта ўз натижасини бермоқда. Экспорт билан шуғулланувчи корхоналар 2 мингтага кўпайди, экспорт географияси 42 давлатга кенгайтирилди, 59 турдаги маҳсулот биринчи марта экспорт қилинди", - дейилади хабарда
Жорий йилнинг етти ойида товар ва хизматлар экспорти 7 млрд 331 млн долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23% кўпроқ.
Йиғилишда "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси, "Ўзбекозиқовқатхолдинг" компанияси, шунингдек, Тошкент шаҳри, Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятларида экспорт ҳажмини ошириш учун мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Мутасадди раҳбарлар экспортчиларнинг муаммолари билан тизимли шуғулланмаётгани, давлат томонидан яратилган имкониятларни тадбиркорларга етказмаётгани ва ташқи бозорга чиқишга ёрдам бермаётганликлари учун танқид қилинди", – дейилади хабарда.
Инвестиция ва ташқи савдо вазири бошчилигидаги Ҳудудлар ва тармоқларнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича республика комиссияси корхоналар ва тадбиркорлар вакиллари билан учрашувлар ўтказиши, экспорт бўйича билимларни ошириш, халқаро стандартларни жорий этиш ва сертификатлаштиришни таъминлашга кўмаклашиши зарурлиги қайд этилди.
"Бизда экспорт учун жуда кўп имкониятлар мавжуд. Жумладан, пахта ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш асосида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўсиш нуқталаридан бири бўлиши керак. Шу орқали биз экспортни кўпайтирамиз ва янги иш ўринлари яратамиз", - деди Ш. Мирзиёев.
Сурат манбаи: president.uz


