Мирзиёев энергетика ва кимё соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди

Дата: 10:45, 18-06-2019.

Тошкент. 18 июнь. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев энергетика ва кимё соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ш.Мирзиёев 17 июнь куни нефт-газ, кимё ва электр энергетика тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни янада жадаллаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди" –-дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, 2019 йилда нефт-газ секторида 2,7 млрд доллар, кимё тармоғида 850 млн доллар, электр энергетикада 1 миллиард доллардан зиёд 28 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Йиғилишда лойиҳалар муҳокамаси бўлиб ўтди, мутасаддиларнинг уларни амалга ошириш жараёни ҳақидаги ҳисоботлари тингланди.

Президентимиз энергия ресурсларини ишлаб чиқарувчилар, тақсимловчи ва етказиб берувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш, углеводородлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

"2019 йилда Тўрақўрғон, Навоий, Тахиатош иссиқлик электр станцияларини қуриш ва модернизация қилиш ишларини жадаллаштириш ва якунлаш, шунингдек, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида замонавий газ-печ қурилмалари ўрнатилишини фаоллаштириш вазифаси юклатилди. Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини янада кенгроқ жорий этиш зарурлиги қайд этилди", – дейилади хабарда.

Шунингдек, "Навоийазот" акциядорлик жамиятида поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш йўналишларини ҳамда Жиззах пластмасса заводида тўқимачилик саноати учун кимёвий қўшимчалар киритиш, Янгиер шаҳрида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш вазифалари белгиланди.

"Иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини оширувчи ушбу тармоқлардаги инвестиция лойиҳалари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши керак. Шунингдек, улар тегишли тармоқларни ривожлантириш ва кўплаб иш ўринларини яратишни таъминламоқда", – деб таъкидлади президент.

Бундан ташқари, йил охиригача нефт-газ, кимё ва электр энергетика тармоқларида эришиладиган натижалар, шунингдек, келгуси йил учун режалар кўриб чиқилди.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: