Мирзиёев фахрийларга эҳтиром билдирди

Дата: 14:36, 10-05-2017.

Тошкент. 10 май. ЎзТАГ – Бутун халқимиз номидан бугунги тин ва осуда ҳаёт, Ватанннинг мусаффо осмони, фарзанд ва невараларимизнинг беташвиш болалиги учун сизга чуқур таъзим қиламиз. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 9 май – Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган қабул маросимидаги нутқида фахрийларга ана шу сўзлар билан мурожаат қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Иккинчи жаҳон урушида юзлаб юртдошларимиз Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди, минглаб оталаримиз, боболаримиз жанговар орден ва медаллар билан мукофотландилар”, - деб таъкидлади давлат раҳбари.

Халқимиз фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, уруш майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берганини ғурур билан эслаймиз, деб давом этди Мирзиёев.

“Ўта оғир ва машаққатли йилларда халқимизнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик фазилатлари яққол намоён бўлди. Эл-юртимиз мамлакатнинг уруш бўлаётган ғарбий ҳудудларидан эвакуация қилинган турли миллатга мансуб 1 миллионга яқин болалар, аёллар ва кексаларга бошпана бериб, бир бурда нонини улар билан баҳам кўрди”, - деб таъкидлади президент.

Тарихнинг ана шундай бешафқат ва суронли синовларидан ёруғ юз билан, ҳар томонлама муносиб ўтган халқимизга ҳар қанча таъзим қилсак, ҳар қанча тасаннолар айтсак, арзийди, албатта, деб давом этди Мирзиёев. “Сиз, муҳтарам фахрийларимизнинг урушдан кейинги оғир тикланиш йилларида қандай буюк хизмат қилганингизни халқимиз асло унутмайди. Сизларнинг мардлик ва матонатингиз, меҳнат жасоратингиз бугунги ва келгуси авлодлар учун ҳамиша ибрат намунаси бўлиб қолади”, - деди давлат раҳбари.

Янгилик билан ўртоқлашиш: