Мирзиёев фармацевтика тармоғи фаолиятини кескин танқид қилди

Дата: 13:01, 07-02-2018.

Тошкент. 7 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 феврал куни фармацевтика соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар натижадорлигини таҳлил қилиш, истиқболдаги долзарб вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилишда фармацевтика тармоғи фаолиятини кескин танқид қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Фармацевтика корхоналарининг аксариятида замонавий технологиялар умуман қўлланилмайди, дори субстанциялари ишлаб чиқаришга умуман эътибор йўқ.

“Корхоналар тўлиқ циклда маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш ўрнига, ҳали ҳам асосан хориждан тайёр маҳсулотларни олиб келиб, қадоқлаш билан шуғулланаяпти”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Йиғилишда таъкидланганидек, мавжуд 94 та корхонадан 12 тасигина маҳсулотининг бошқа давлатларда тан олинишини таъминлайдиган GMP – “яхши ишлаб чиқариш амалиёти” халқаро сертификатига эга. “Буни кенгайтириш бўйича тармоқ раҳбариятида ташаббус етишмаяпти. Оддий мисол, йиллар давомида қизилмия илдизини чуқур қайта ишлашга умуман эътибор берилмаган. Ўтган йил охирида Қорақалпоғистонга ташриф давомида топшириқ берилганидан кейингина Қизилмия етиштирувчилар ва қайта ишловчилар уюшмаси тузилди”, - дейилади хабарда.

Бу масалани алоҳида назоратга олиш кераклиги, ҳамма фақат ёввойи қизилмия илдизини йиғиш билан шуғулланмасдан, плантацияларни ташкил этиш ва илдизни чуқур қайта ишлаб, дори субстанциялари ва воситалари ишлаб чиқаришга ўтиш зарурлиги қайд этилди.

Соҳадаги аксарият корхоналар мураккаб бўлмаган, оддий формулали дори воситалари ишлаб чиқариш билан чекланаётгани танқид қилинди. Хусусан, 2017 йилда соҳада ишлаб чиқаришнинг физик ҳажми 34% ошгани ҳолда қиймат жиҳатдан 16%га кўпайган, холос.

Сурат манбаи: http://qalampir.uz/news/shavkat-mirziyoev-bayram-tabrigida-xalima-hudoyberdieva-toti-yusupova-va-munojot-yolchievani-aloxida-qayd-etdi-6661

Янгилик билан ўртоқлашиш: